Har qanday elektron murojat virtual qabulxona orqali amalga oshirishigiz mumkin

FIDOYING BO'LGAYMIZ SENI, O'ZBEKISTON!

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 5 Август 2017

Маълумки, Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш, мустақил тараққиёт йўлида эришилаётган ютуқларни сарҳисоб қилиб, эл-юртимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди. Дастурда қуйидаги йўналишлардаги ишларни аниқ мисоллар орқали ёритиб беришга алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилган:
1. “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, умуман давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар;
2. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида жойларда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилгани, бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этилаётгани;
3. қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, ички ишлар тизими ва прокуратура органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар;
4. иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, унинг рақобатдошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ва мутаносиб тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси;
5. “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган ғоя асосида аҳоли, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнес ва касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантириш учун янги имконият ва преференциялар яратиб бериш, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, тегишли ташкилотлар орқали зарур ресурслар етказиб бериш тизими йўлга қўйилгани;
6. ижтимоий соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб боришга қаратилган ишлар;
7. шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тобора очилиб бораётгани, аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва табиий газ таъминотини яхшилашга қаратилган ишлар;
8. “Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз” деган тамойилга мувофиқ аҳолининг маданий савиясини юксалтириш, ёшлар ўртасида китобхонлик, жумладан, электрон китобхонликни ривожлантириш, ижодкор зиёлиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва уларнинг ютуқларини тарғиб этиш борасидаги ишлар;
9. қўлга киритилган барча ютуқларнинг асосий омили ва мезони сифатида биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимиз, авваламбор, ёшларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётгани;
10. хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига асосан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар;
11. мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик тобора бешафқат тус олаётган, радикализм, терроризм, экстремизм, “оммавий маданият” каби таҳдидлар кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифа эканини кенг жамоатчиликка етказиш.
Қарорда белгиланган юқоридаги йўналишлардаги вазифалар бежизга эмас. Чунки, бугунги кунда мамлакатимиз тараққиёт йўлида янги бир босқич бошланганлигини кўряпмиз. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлмоқда, барча соҳалардаги ислоҳотлар фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Одамларимиз кайфиятида жиддий ижобий ўзгаришларга, ижтимоий фаоллик, ўзининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга интилиш кучаймоқда.
Зеро, юртимизда амалга оширилаётган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мутлақо янгича жамият ва давлатни барпо этишни кўзда тутгани билан эътиборлидир. Ҳаракатлар стратегияси жамиятнинг узоқ вақт давомида олиб борган фаолияти, синчиклаб ўрганилган муҳокамалари натижасидир. Бежизга “Ҳаракатлар стратегияси - бутун жамиятнинг меҳнати, ақл-заковати меваси”, - деб айтилаётгани йўқ. Қолаверса, кейинги 5 йилдаги тараққиёт йўлимизни белгилаб берадиган ушбу ҳужжат бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда ҳам кенг қизиқиш уйғотган. Хусусан, 2017 йил 27 июлда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган миннатдорчилик хатида мазкур ҳужжат БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадлари билан ҳамоҳанг эканлигига алоҳида урғу беради.
Дарҳақиқат, Ҳаракатлар стратегияси - мамлакатимиздаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларни жадал ривожлантириш, маънавий дунёмизни тубдан юксалтиришни назарда тутади. Унда мамлакатимиздаги барча ҳудудларни манзилли ривожлантириш, ҳар бир шаҳар ва туманни мақсадли барқарор тараққий эттириш, бўш ётган саноат корхоналарига инвестициялар киритиб, уларга қайтадан жон бағишлаш, ишсизликни камайтириш, ялпи бандликни таъминлаш масалалари илгари сурилмоқда. Мутахаcсислар мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичига хос қуйидаги хусусиятларни эътироф этишади:
- бугун тараққиётнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари - микроиқтисодий натижалар ҳамда жамият турмуш тарзи билан мослашмоқда. Одамларнинг орзулари уларнинг имкониятларига мос бўлмоқда. Арзон уй-жойлар, тиббий, фармацевтик, ижтимоий хизматлар тизими шакллантирилмоқда.
- давлат тузилмалари фаолиятининг иш услублари тубдан ўзгартирилмоқда. Аҳолида давлатга бўлган ишонч руҳи кескин юксалди. Одамлар ислоҳотларга, ўзгаришларга ўз хайрихоҳлигини очиқ ифодаламоқда.
- барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш дастурларини тузишда реал ресурслар, аниқ омилларга асосланилмоқда. Реал иқтисодиётни таркиб топтириш, пул-молия муносабатларининг самарали тизимини яратиш, иқтисодий ҳисоботларда ҳаққонийликка асосланган ёндашув қарор топтирилмоқда.
- бошқарув тизимида инсоний ёндашув устувор талабга айланмоқда. Халқ билан мулоқот тизими, хонадонма-хонадон юриб одамларнинг муаммоларини ечиш, ҳамкорлик ва реал кўмак таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилди.
- соҳаларни ривожлантиришда маърифат омилига таяниш тенденцияси амал қила бошлади. Банк маърифати, фермер маърифати, тадбиркор маърифати каби иборалар таомилга киритилди.
- қишлоқни ривожлантириш, уни индустрлаштириш ва ҳар бир ҳудудда хизмат соҳаларини ташкил этиш сиёсати кенг кўламда тизимли равишда амалга оширилмоқда.
- одамларда ҳаётини ўзи фаровон қила олишга рағбат, жамият ва Ватан истиқболига ишонч, ўз иқболини Ватан равнақи билан боғлаш ҳаракати янада кучайди.
- давлат ва жамият манфаатлари йўлида идора ва муассасалар ўртасида ижтимоий ҳамкорлик муносабатларининг кенг ёйилиши кузатилмоқда.
Яна бир муҳим масала, мутахассислар бугунги кунда мамлакатимизда инновацион тараққиётга ҳамда иқтисодиётнинг ўсиш суръатини жадаллаштиришга асосланган креатив иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилаётганини таъкидлашади. Унинг асосий ғояси нафақат экспортни кўпайтириш, балки сифатли иш ўринлари яратиш имконини берувчи янги тармоқлар, товар ва хизматларни йўлга қўйишни таъминлашдан иборат.
Умуман олганда бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилаётган кўрсаткичлар ўзига хос дунёвий эътирофга ҳам эга бўлмоқда. Жумладан, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш - 2017” (Doing business - 2017) деб номланган маърузасига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 190 та мамлакати орасида 87-ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, Жаҳон банки ўтган йили мамлакатимизни тадбиркорлик соҳасида муҳим ислоҳотлар ўтказган мамлакатлар ўнталигига киритди. “Focus Economics” тадқиқотлари натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон 2016 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши суръатлари бўйича дунёнинг 127 мамлакати орасида 7-ўринни эгаллади. АҚШнинг Gull-up институти тадқиқотида ўзбекистонликлар сайёрамизда энг бахтиёр ва ижобий кайфиятдаги халқлар учлигидан жой олди.
Мана шундай тинч, мустақил, фаровон ҳаётнинг қадрига етиб яшаш, унинг бойликларини асраб-авайлашни бурч деб билиб, бундан кейин ҳам унинг гуллаб яшнашига ва тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир.
С.Р.Давлетов, УрДУ Маънавият ва
маърифат ишлари бўйича проректори

2015@ URDU | All rights are reserved.| Department of IT