Ilm-fan 2020

science

       Davlat ramzlari Davlat ramzlari

olimp

Islohotlar universitet nigohida

КОНСТИТУЦИЯ –ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

Давлетов С.Р., УрДУ проректори, т.ф.д.

Ҳар қандай давлат жамият тараққиёти билан уйғунликда равнақ топади. Шунинг учун ҳам давлат ва жамият қурилиши – яхлит кечадиган жараёндир. Ўзбекистон Республикасининг мустақил тараққиёт йўли аввало, давлат ва жамият қурилишини тубдан ислоҳ қилиш орқали кечди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақилликка эришгач мамлакатимизда ўрнатилган ижтимоий ва давлат тузуми, янги мулкчилик шакллари, иқтисодий негизи, мустақил тараққиёти, ва халқ ҳокимиятчилиги, давлат ҳокимияти кимга тегишли ва у қандай шаклда амалга оширилиши лозимлигини ўзида қонуний ифода этади.

Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродаси, руҳияти, ижтимоий онги, маданиятини акс эттиради, умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг устунлиги принципига амал қилади. Мустақиллик йилларида жамиятимиз ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчаси Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларга оид қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтиришга, Давлат бюджети даромадлари ошишига, унинг мақсадли сарфланишига хизмат қилмоқда.

Зеро, Конституциямизнинг асосий моҳияти ҳам инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборатдир. У ўзида” инсон – оила – жамият – давлат” манфаатларини уйғунлаштиргани сабабли, ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали, муваффақиятли бўлишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг характерли хусусияти унинг чинакам халқпарварлиги, халқчиллигидадир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2-моддасида шундай дейилади: «Давлат ва халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар».

Асосий Қомусимизнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борганда, унда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсад қилингани, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилгани, жаҳон конституцияшунослик хазиналари бўлмиш — тенглик, адолат, мафкура ҳамда фикрлар хилмахиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси кабилар мустаҳкамланганлигини таъкидлаш зарур.

Асосий Қонунимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асослари бўлган бозор муносабатларини ривожлантириш, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги каби конституциявий нормалар ҳам ўз ифодасини топган. Унинг “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” ҳамда “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида” деган нормаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилгани ҳам бежиз эмас.

Конституциямизнинг XIV боби оила институтига бағишланган. 63-моддада “оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги” таъкидланган. Демак, оилани жамият ва давлат ҳимоя қилади.

Асосий Қонунимизда “табиат-жамият” тизимидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи махсус нормалар ҳам белгиланган бўлиб, улар экологик ҳуқуқий муносабатлар пойдеворини ташкил этади. Конституциямизнинг бир нечта моддасида табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Ушбу конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, у мустақиллигимизнинг моддий асосини ташкил этувчи табиий бойликларнинг халқимиз мулки эканини, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлигини, республикамиз табиати давлат муҳофазасига олинганини мустаҳкамлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда жадал суръатларда амалга оширилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да таълимни ривож¬лантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унда айнан сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш вазифалари белгиланган. Буларнинг барчаси Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида мужассамлаштирган олий ҳужжат бўлиб, юртимизда ижтимоий адолатли демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилишининг муҳим ҳуқуқий пойдеворидир. Унда баён этилган кафолатлар аҳолининг фаровон ҳаёти, эртанги кунга бўлган ишончининг муҳим мезонидир. Шундай экан, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Конституциямиз ҳамда қонунларимиз талабларига оғишмай амал қилиш маънавий савиямиз, маданиятимизнинг асосий мезонига айланиши шарт”. Халқимизнинг сиёсий билими ва тафаккури маҳсули бўлган Асосий Қонунимизни ўрганиш ва ёш авлодга ўргатишдек муқаддас бурчимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.