Бу йил тест варақасида 30 та савол бўлади. Кириш имтиҳонидаги асосий ўзгариш ва янгиликлар

Kiritdi: Administrator | O'zgartirigan sana : 17 Nov 2018

«Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовлари ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Мазкур низомга асосан, ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризалар ҳар йили 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади (бунгача қабул жараёни 20 июндан 20 июлга қадар эди).

Эндиликда тест синовлари ҳар йили 1 августдан 15 августга қадар, кунига икки сменада ўтказилади. Бунда биринчи смена соат 8:00да, иккинчи смена 15:00да бошланади.

Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда кириши лозим, у тест синовлари бошланганидан сўнг бинога тегишли ҳудудга кира олмайди.

Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиши мумкин, ушбу сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, абитуриент бошқа вақтда ва санада тест синовларида иштирок этиши мумкин эмас.

Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.

Абитуриентлар танлаган таълим йўналишларига қараб тегишли равишда, бир, икки ёки уч фан мажмуаси бўйича тест синови топширади.

Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30тадан тест топшириғини ўз ичига олади (аввалгидек 36тадан эмас). Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30та тест топшириғига 1 соат, 60та тест топшириғига 2 соат, 90та тест топширигига 3 соат вақт берилади.

Абитуриентлар талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани тўғрисида белгиланган тартибда тасдиқланган тест синовлари натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий сайтида эълон қилинади ҳамда олий таълим муассасаларига етказилади.

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача бўлган муддатда Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Тест синовлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ва унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса — олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади.

Бинода тест синовлари жараёнини тўлиқ назорат қилиш мақсадида қоида тариқасида, 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими ўрнатилиши, жараённи абитуриентларнинг ота-оналари онлайн тарзда кузатиши учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши шарт. Бинода бир нафар абитуриентга қоида тариқасида 2 метр квадратдан кам бўлмаган жой тайёрланади.

Ҳудудлар бўйича тест синовлари ўтказиладиган бино ва гуруҳларнинг алоҳида тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда рақамланган бўлиши лозим.

Ҳар бир гуруҳ алоҳида ўтириш ўрнига эга бўлган 30тадан стол билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланиши лозим. Гуруҳ назоратчиси учун тест материалларини тарқатиш ва қабул қилишга алоҳида стол ва стул ажратилиб, стол узлуксиз видеокузатув билан таъминланади.

Тест ўтказиладиган бино жойлашган ҳудудда, бинога кириш жойларида тест жараёни учун зарур ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилган бўлиши лозим.