АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: 'ҚУРЪАНИНГ КЎЗИ КЎР' ЭМАС, МУТАХАССИСЛАРНИКИ “КЎР”

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 24 Yanvar 2017 Manba:mcs.uz

Ўтган ҳафтанинг шанба кунида аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш баҳсларига қуръа ташланди. Унга кўра, Шерали Бобоқулов устозлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси "B" гуруҳида Жанубий Корея, Гонконг, Ҳиндистон ва КХДР билан кураш олиб борадиган бўлди. "A" гуруҳини Иордания, Филиппин, Баҳрайн, Ироқ, БАА, Тожикистон, "C" гуруҳини Таиланд, Хитой Тайпейи, Ливан, Фаластин, Гуам, "D" гуруҳини эса Вьетнам, Мьянма, Эрон, Сурия, Сингапур терма жамоалари ташкил этди.
Эътибор берган бўлсангиз, аёллар футболи ривожланаётган давлатлар терма жамоалари бизнинг гуруҳда жам бўлган. Ж.Корея ҳам, КХДР ҳам, ҳаттоки Ҳиндистон ҳам бу соҳада қитъада аёллар футболи ривожланган Япония, Австралия ва Хитой қаторида тилга олинади. Бундан кўриниб турибдики, қуръа маросимида ташкилотчилар кимгадир ён босишган. Аниқроғи, келаси йили апрель ойида Иорданияда ўтадиган Осиё чемпионати финалида бу соҳа мутасаддилари кўпроқ мезбонларнинг майдонга тушиши тарафдори эканлиги аён бўлди. Гуруҳ ўйинларида иорданияликларга жиддий рақиб рўбарў келмаслиги олди олинган. Негаки, тўртта гуруҳдан бор-йўғи ғолибларгина финал босқичига йўлланма олади. Спортда "Қуръанинг кўзи кўр бўлади” деган гап бор, бу ерда эса қуръанинг эмас, мусобақа ташкилотчиларининг "кўзи кўр” бўлганга ўхшайди.
Қуръа ташланишидан аввал тайёргарликка киришган терма жамоамиз гуруҳ ўйинларидаги рақибларини билгач, буёғига янада жиддийроқ тайёрланишга аҳд қилмоқдалар.
Шерали Бобоқулов 10-19 январь кунлари терма жамоанинг 25 нафарли номзодлари билан янги йилдаги дастлабки ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Булар:
Дарвозабонлар
Лайло Тилавова08.03.1997"Севинч” Мафтуна Жонимқулова26.07.1999"Машъал” Ҳимоячилар
Камола Рисқиева08.07.1992"Севинч” Мафтуна Шойимова01.01.1999"Севинч” Холида Дадабоева12.04.1993"Металлург” Нозима Камолтоева19.09.1998"Металлург” Дилрабо Асадова22.12.1996"Олмалиқ” Гулҳаё Маннабоева04.07.1998"Андижанка” Ўғилой Қўчқорова07.12.1996"Андижанка” Ярим ҳимоячилар
Зумрадхон Назарова27.05.1992"Севинч” Малика Бурхонова22.025.1999"Севинч” Махфуза Туропова07.07.1989"Металлург” Мавлуда Мунавварова12.10.1988"Металлург” Дилдора Нозимова03.11.1997"Металлург” Умида Зоирова22.04.1998"Бунёдкор” Саида Галимова27.03.1989"Бунёдкор” Севара Нормуродова01.03.1999"Машъал” Комила Зарипова19.11.1998"Олмалиқ” Ҳужумчилар
Нилуфар Қудратова05.06.1997"Севинч” Махлиё Сариқова03.03.1990"Севинч” Людмила Карачик08.12.1994"Металлург” Моҳигул Икромова16.09.1995"Металлург” Лианна Нарбекова06.06.1997"Бунёдкор” Рушания Сафина25.11.1993"Андижанка”. Навбатдаги йиғин 1-10 февраль кунларига белгиланган. Режага кўра, март ойида БААда йиғин ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
"МЕТАЛЛУРГ”ДА ТАНТАНАЛИ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ Ўтган ҳафтада Бекобод шаҳрида аёллар футболи бўйича мамлакат чемпионати кумуш медали соҳиби "Металлург” жамоасининг мазкур муваффақияти билан тақдирлаш маросими ташкил этилди. Ўзбекистон аёллар футболи ассоциацияси мутахассислари жамоа аъзоларини кумуш медаллар ҳамда иккинчи даражали диплом билан, жамоанинг бош ҳомийси – Бекобод шаҳридаги "Ўзбекистон металлургия комбинати” ҳамда шаҳар ҳокимияти вакиллари эса футболчиларни эсдалик совғалари билан тақдирладилар.
ЧЕМПИОНАТДА ТЎҚҚИЗ ЖАМОА
Ҳар йилнинг айнан январь ойида пойтахтдаги "Ёшлик” спорт мажмуасида аёллар футзали бўйича мамлакат чемпионати ўйинлари старт олади. Ўтган йилги чемпионатда олтита жамоа иштирок этган бўлса, бу йилги баҳсларда тўққиз жамоа ўзаро кураш бошлади.
Мусобақа гарчи пойтахтда ўтаётган, бунинг устига унда қатнашиш аъзолик бадаллари умуман белгиланмаган, яъни "текинга” ўтказилаётганига қарамай Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган "Бунёдкор”, "Локомотив” жамоалари иштирокчилар қаторига қўшилишни исташмади. Ваҳоланки, маълумотларга қараганда "Бунёдкор” футболчилари айни пайтда айнан спорт залларда машғулотлар олиб бормоқда. "Металлург”, "Андижанка” жамоаларининг мусобақада қатнашмаслиги олдиндан маълум эди, бироқ ташкилотчилардан руҳсат олган Бухоронинг "Ёшлик-омад” жамоаси охир-оқибат Тошкентга етиб кела олмади. Ўн биринчи бор ўтказилаётган чемпионатда қуйидаги жамоалар ўзаро баҳс олиб боришяпти: "Севинч” (Қарши), "Шўртан” (Ғузор), "Оққўрғон” (Тошкент вилояти), "Қирқ-қиз” (Нукус), "Аланга-С”, "Бахмал” (иккаласи ҳам Жиззахдан), "Пахтакор”, ТАТУ, "Юз робот” (учаласи ҳам Тошкент шаҳридан). Мусобақанинг ўн карра чемпиони "Севинч” жамоасининг бир неча нафар тажрибали ўйинчилари – Зебо Жўраева, Фазилат Баҳромова, Улдона Тўхтаева, Юлдуз Шарипова айни пайтда "Шўртан” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Аммо бу билан "Севинч” кучсизланиб қолмади. Сабаби, клубнинг тайёрлов гуруҳи ҳар доим асосий жамоага моҳир ёш футболчи ва футзалчиларни етказиб беришни уддасидан чиқиб келган. Бунинг эвазига бош жамоа анъанавий муваффақиятларини ҳамон давом эттирмоқда...