АНДИЖОНДА ҚИЛИЧБОЗЛИК СПОРТ МАЖМУАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 26 Dekabr 2016 Manba:mcs.uz

Юртимизда ҳукуматимиз томонидан спортга, айниқса болалар спортига берилаётган эътибор, олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида кўплаб муҳташам спорт мажмуалари қад ростлаб, шаҳар-қишлоқларимиз кўркига-кўрк, спортимиз ривожига-ривож қўшмоқда. Ана шундай муҳташам бинолардан бири Андижонда қуриб битказилган қиличбозлик спорт мажмуасидир.
24 декабрь куни мазкур бино Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида очилди. Дастлаб, вилоят ҳокими Ш. Абдураҳ-монов барчани ушбу иншоотнинг очилиши билан табриклаб, бинони қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Мажмуа ўз ичига машғулотлар зали, меҳмонхона, тренажёр залларини олган бўлиб, бу ерда ёшлар спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитлар мухайё этилган. Машғулотлар залининг майдони 24Х42 ўлчамда бўлиб, унда саккизтадан ўнтагача қиличбозлар махсус йўлакчасини ўрнатиш имконияти бор, шунингдек 50 кишилик меҳмонхона ўқув-машғулот йиғинларига ташриф буюрадиган спортчиларни қабул қилишга тайёр.
Бинонинг қад ростлаши Лондон Олимпиадаси иштирокчиси Руслан Кудаев, жамоавий баҳслар бўйича Осиё чемпионлари - Жавоҳир Нурматов, Абдулбосит Насриддинов, Санжар Собиров, Осиё чемпионатининг икки карра кумуш медаль соҳиби Саидбек Жеенбаевлар каби спортнинг ушбу турига меҳр қўйган ёш истеъдодлар учун айни муддао бўлди.