БАЙРАМ ЗАРАФШОН, НАВОИЙ ШАҲАРЛАРИДА ҲАМДА ХАТИРЧИ ВА КАРМАНА ТУМАНЛАРИДА ҲАМ ДАВОМ ЭТДИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 6 May 2017 Manba:mcs.uz

2017 йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан "Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мазмунидаги тарғибот тадбирлари Навоий вилоятларининг Қизилтепа, Конимех, Навбаҳор, Учқудуқ, Томди, Нурота туманларида бўлиб ўтганлиги ҳақида хабар берган эдик. Тадбирлар 4 ва 5 май кунлари Зарафшон ва Навоий шаҳарлари ҳамда Хатирчи ва Кармана туманларида ҳам давом эттирилди.
Маданият вазирлиги ташаббуси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази, "Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, "Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази билан ҳамкорликда алоҳида тасдиқланган режа асосида ўтказилаётган тадбирнинг Навоий вилоятидаги 2 та шаҳар ва 8 та туманларининг - умумтаълим мактаблари (46та), касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлари (29та), маданият ва истироҳат боғи (1) ҳамда маданият ва аҳоли дам олиш марказлари (5), болалар мусиқа ва санъат мактабилари (3), меҳрибонлик уйлари (2), маданият саройлари (2), ҳарбий қисмлари (3), Кармана тумани "Ўзбегим” тўйхонаси (14 та келин-куёв никоҳ тўйида), Учқудуқ туманидаги Ёшлар маркази ҳамда Навоий шаҳар "Ёшлар” спорт мажмуаси, жами 91 та объектида ташкиллаштирилган тадбирлар юқори савияда ўтказилди. Шунингдек, тарғиботчилар гуруҳи жойлардаги 9 нафар Иккинчи жаҳон уриши қатнашчиларининг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Мазкур тадбирларда 60 нафардан зиёд таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, "Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этиб, жами 55 440 нафар ўқувчи ёшлар ҳамда аҳоли вакилларининг иштироки таъминланди.
Тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва маданият ходимлари, Ўзбекистон халқ шоир ва ёзувчилари ўқувчи ва талаба ёшларга ҳаракатлар стратегияси дастурида белгиланган усувор вазифаларни "жонли мисоллар” билан таъсирчан руҳда гапириб бермоқдалар. Ёшлар орасидан вакиллар ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда халқаро мусобақа ва танловларда эришган ютуқлари, яратилган имкониятлар тўғрисида сўзлаб, тенгдошларини яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга, Ватанга, жамиятга муносиб фарзанд бўлишга чақирмоқдалар.
Шунингдек, ўтказилаётган тадбирлар давомида барча таълим муассасаларида, ёшларни ватанпарварликка ундовчи, тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашга даъват этувчи, шунингдек, ғаразли ғоялар ва турли кучларнинг жинояткорона ҳаракатларини фош этувчи "Оқ булут”, "Қадр”, "Меҳмон”, "Менинг дунёим” "Тинчлик соҳили”, "Ажал жодуси” каби бадиий фильмлар 38 та умумтаълим мактаблари, 26 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда 21 220 нафар ўқувчи-талабаларга намойиш этилди.