БОЙСУНДА ЯНА БАҲОР

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 17 May 2017 Manba:mcs.uz

Жорий йил 13-14 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданий муассасалар фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилот ва муасссасалар ҳамкорлигида "Бойсун баҳори" республика фольклор фестивали ўтказилди. Асл мақсади маънавиятимизнинг ҳақиқий сарчашмаси бўлмиш қадимий фольклор санъатини кенг тарғиб қилиш, халқимиз, айниқса, ёшларда миллий ғурур, Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш, уларда маданият ва санъатимизга ҳурмат ва эътиборни янада чуқурлаштириш, шунингдек, янги-янги истеъдод соҳибларини кашф этишдан иборат мазкур тадбир юртимиз маданий ҳаётида ўзига хос ажойиб унутилмас бир воқеа бўлди.
Биринчи кун тадбирнинг очилиш маросими ўзгача жозиба ва файз касб этди. Унда юртимиз турли ҳудудларидан келган жамоалар билан бирга халқимизнинг таниқли санъаткорлари – Ўзбекистон халқ артистлари Зулайҳо Бойхонова, Маҳмуд Намозов, Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев, ёшларнинг севимли эстрада хонандалари Анвар Санаев, Адҳам Солиев, Достон Убайдуллаев, Музаффар Абдуазимов ва бошқалар иштирок этдилар.
Шу билан бирга, фестиваль кунларидаги одамларнинг кайфияти, умумий муҳит байрамона кўтаринкилик, шукуҳ, жўшқинлик билан ажралиб турди. Бунга кўп жиҳатдан тадбир доирасида амалга оширилган ташкилий ишлар сабаб бўлди. Улар орасида сурхондарёлик ёш рассомлар асарлари кўргазмаси, йигирмадан ортиқ бахши, оқин ва жировлар чиқишлари, очиқ майдондаги дор ва дор ости томошалари, миллий кураш беллашувлари, халқ амалий санъати намуналари бўлиб, машаққатли қўл меҳнати билан яратилган қадимги сўзаналар, қуроқ кўрпа ва ёстиқлар, воҳага хос гиламлар, хуржунлар, чопонлар, дўппилар, қадимги тарихимиздан дарак берувчи, аждодлар меросини акс эттирувчи ҳунармандчилик маҳсулотлари – кўзалар ва бошқа идишлар, обдаста ва офтобалар, сандиқлар, ўймакор нақшли эшиклар, шунингдек, эскида ишлатилган жувоз, кели, ўғир, чарх, омоч, бўйинтуруқ, тикув дастгоҳлари намойиши ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин.
Фестиваль доирасида уюштирилган ўзига хос ташкилотчиликлардан яна бири – у ерда ўрнатилган 40 дан ортиқ ўтов бўлиб, уларни ўз ҳудудларидаги удум ва маросимлардан келиб чиқиб безатишда юртимиз турли гўшаларидан келган жамоалар жонбозлик кўрсатганлари эди.
Фестивалда асосан учта майдонга саҳналар ўрнатилди. Биринчи саҳнада республиканинг турли ҳудудларидан келган иштирокчилар ўз дастурларини намойиш этишди. Иккинчи саҳна Сурхондарё вилояти туманларида фаолият кўрсатаётган фольклор-этнографик жамоаларга берилди.
Учинчи саҳнада эса воҳага хос либослар намойиши ташкил этилди.
Фестивалда Қорақалпоғистон Республикасининг "Шуъла” ҳамда Хоразм вилоятининг "Авазхон” жамоалари I ўринни, Навоий вилоятининг "Кармана юлдузлари”, Сурхондарё вилоятининг "Бойсун” жамоалари II ўринни, Андижон вилоятининг "Гулруҳ”, Сирдарё вилоятининг "Сайҳун йигитлари”, Тошкент вилоятининг "Шош наволари” жамоалари III ўринни эгалладилар. Умуман айтганда, мазкур фестиваль ҳақиқий халқ байрамига айланиб кетди. Унда таҳминан қирқ мингга яқин томошабин қатнашди. Улар орасида Германия, Британия, Корея, Хитой, Франция, Япония ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган 50 нафарча меҳмон ҳам бор эди. Фестиваль якунида унинг барча иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг дипломлари ва махсус қимматбаҳо совағалари билан тақдирландилар.
Фестиваль ишида Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари М.Ҳожиматов иштирок этишди.