КУН ТАРТИБИДА ИСТИҚБОЛЛИ МАСАЛАЛАР

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 30 May 2017 Manba:mcs.uz

Урганч шаҳрида Хоразм вилоят маданият бошқармасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бошқарма ходимлари, шаҳар ва туманлар маданият бўлимлари бошлиқлари, маданият ва истироҳат боғлари мутассаддилари, Болалар мусиқа ва санъат мактаби, шунингдек, тизимдаги бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Д. Атабаев ҳукуматимиз томонидан маданият соҳасини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ва аниқ мақсадли чора-тадбирларни эътироф этиб, ушбу жараёнда соҳа ходимларидан ҳамжиҳатликда иш юритиш, ўз вазифасига жиддий ёндошиш, мавжуд маданият иншоотларидан унумли фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, мажлисда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж. Нурметов, бошқарманинг Халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш сектори бош мутахассиси Б. Бекметов, Маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси Ғ. Эшчанов, Таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Э. Йўлдошев, "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вилоят бўлими директори Ҳ. Сапаев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларининг жойлардаги ижроси, тизим ташкилотларида ижро интизоми, фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш, e-хат ҳимояланган электрон почта тизимини жорий қилиш, маданият ва аҳоли дам олиш марказларида тўгараклар ишини янада жонлантириш, маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини талаблар даражасида мустаҳкамлаш, Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада яхшилаш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Кун тартибида кўриб чиқилган масалаларнинг ижросини таъминлаш бўйича тадбирлар режаси белгиланди.