КУРАШ: ПОЛВОНЛАРИМИЗ ЖАҲОН ЧЕМПИОНЛАРИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 14 Noyabr 2016 Manba:mcs.uz

Ҳиндистоннинг Кочи шаҳрида ўзбек кураши бўйича 20 ёшгача бўлган полвонлар ўртасида саккизинчи маротаба ўтказилган жаҳон чемпионатида Маданият ва спорт ишлари вазирининг спорт ишлари бўйича биринчи ўринбосари Мурод Алиев раҳбарлигидаги делегациямиз умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллашди.
Дунёнинг 20дан зиёд давлати ёш йигит-қиз полвонлари жами 14та вазн тоифасида медаллар учун баҳс олиб боришди. Якунда Мурод Дўсимбетов ва Олим Равшанов мураббийлигидаги терма жамоамизнинг 13 нафар аъзоси жаҳон чемпионатида 12та медални қўлга киритди. Медаллардан 9таси олтин эканлиги полвонларимизнинг биринчи ўринни қўлга киритишини таъминлади.
9-15 ноябрь кунларига белгиланган жаҳон чемпионати даврида, шунингдек, Халқаро кураш ассоциациясининг навбатдаги Конгресси ҳам бўлиб ўтди. Табиийки, унда Мурод Алиев ҳам иштирок этди.
Мазкур Конгресс кун тартибига халқаро миқёсда кураш спорт турининг ривожида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама этилди, ўтган вақт мобайнида қилинган ишлар сарҳисоби, келгусидаги халқаро мусобақалар, мураббий ва ҳакамлар семинарлари, конгресс йиғилишларини ўтказилиш жойлари ва муддатлари тасдиқланди.
Хабарингиз бор, миллий курашимизни дунё миқёсида тарғибот қилишни биринчи галги вазифа деб билган спортчиларимиз ўтган йил мавсум якунига кўра бир қатор номинацияларда ғолиб бўлганди. Жумладан, 2015 йил Эронда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 73 кг вазн тоифасида олтин медалани қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоси Давлат Абраев "Йилнинг энг яхши курашчиси”, шу мусобақада 5 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Муратбой Дўсумбетов "Йилнинг энг яхши мураббийи” деб топилганди, терма жамоамиз эса "Энг яхши тартиб-интизомли жамоа” совринига лойиқ топилганди.
Бу гал ҳам совринларнинг аксарияти ҳамюртларимизга тегишли бўлди. Жаҳон чемпионатининг "Энг яхши курашчиси” деб ҳамюртимиз Бекмурод Олтибоев топилган бўлса, "Энг яхши терма жамоа”га бериладиган соврин бизникиларга насиб этди.
Натижаларга тўхталадиган бўлсак, ўз вазн тоифаларида Руслан Бўриев (60 кг), Шаҳрам Аҳадов (66 кг), Раҳматулло Нуриддинов (73 кг), Ҳусниддин Ҳусанов (100 кг), Бекмурод Олтибоев (+100 кг), қизлардан Маҳлиё Йўлдошева (52 кг), Мухлиса Абдумаликова (57 кг), Умида Мирҳамидова (63 кг), Раҳима Йўлдошева (78 кг) барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, кўксиларига олтин медалларни тақишди.
60 кг вазн тоифасида иштирок этган Абдулазиз Ҳамроев, 73кг вазндаги Садам Аҳмедов кумуш медалга сазовор бўлди. 87кг вазндаги Арофат Абдураҳмонова эса бронза медали билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, миллий курашимиз 2018 йил 18 августдан 2 сентябрга қадар Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган 18-Ёзги Осиё ўйинлари расмий дастурига киритилган. Бу ҳақда 2015 йил 16 сентябрь куни Осиё олимпия кенгашининг Ашхободдаги Бош ассамблеясида эълон қилинган. Ҳар тўрт йилда Осиё олимпия кенгаши кўмагида ўтказиладиган Ёзги Осиё ўйинлари спорт дунёсида катталиги ва муҳимлиги бўйича Ёзги Олимпиада ўйинларидан кейинги иккинчи ўринда туради.
Эълон қилинган дастурга кўра, Индонезиядаги ўйинларда кураш бўйича 15 та медаллар тўплами ўйналади, улардан еттитаси эркаклар, саккизтаси аёллар ўртасидаги мусобақаларда берилади.