САМБО: ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДАН ОЛТИН, КУМУШ ВА БРОНЗА МЕДАЛЛАРИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 4 Noyabr 2016Manba:mcs.uz

Яқинда Хорватиянинг Пореч шаҳрида самбо бўйича спорт усталари – фахрийлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда иштирок этган терма жамоамиз якунда биттадан олтин ва кумуш ҳамда учта бронза медалларини қўлга киритди.
Ўн нафар спортчиси билан мусобақанинг учта ёш тоифасида ва учта вазнда кураш олиб борган вакилларимиздан Бахтиёр Тўраев олтин, Эрназар Холмирзаев кумуш, Жамшид Файзиев, Расул Болтабоев ва Бозорбой Нуржонов бронза медалларига сазовор бўлишди.
55-59 ёшлилар ўртасидаги +100 кг. вазнлилар баҳсида гиламга чиққан Бахтиёр Тўраев иккинчи бор жаҳон чемпиони деган унвонга сазовор бўлди. Шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан украиналик Анатолий Фомичев, учинчи поғонасидан эса россияликлар жой олишди.
35-39 ёшлилар ўртасида 100 кг вазнлилар олишувида Эрназар Холмирзаев ҳал қилувчи финалда украиналик Олекси Назаренкога ютқазиб қўйди.
Ҳамюртларимиз томонидан эришилган бронза медалларининг иккитаси 35-39 ёшлилар баҳсида амалга ошди. Аввалига 82 кг.лилар ўртасида Жамшид Файзиев шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди. Бу вазнда бош соврин францияликлар – Жан Ренна ва Кирил Оливерга насиб этди.
+100 кг.лилар олишувида эса Расул Болтабоев шоҳсупада Давид Херан (Франция) ва Сергей Пахолчук (Украина)дан кейин учинчи поғонага жойлашди. Учинчи бронза медали соҳиби Бозорбой Нуржонов 60-64 ёшлилар ўртасида 82 кг вазнда курашга тушди. Бу вазнда олтин медални Иван Швец ((Украина), кумуш медални эса Владимир Ефремов (Россия) қўлга киритди.
33 давлатдан ташриф буюрган 500дан ортиқ фахрий полвонлар бешта ёш тоифасида (35-39, 40-44, 45-49, 50-54, 55-59, 60-64, 65дан юқори) ва еттита вазнда (62, 68, 74, 82, 90, 100, +100) баҳс олиб боришди. Якунда энг кўп медаллар Россия, Франция ва Украина терма жамоалари вакилларига насиб этди.