Bitiruvchilar klubi

science

       Davlat ramzlari Davlat ramzlari

olimp

СПОРТ ХАБАРЛАРИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 20 Фев 2017 Manba:mcs.uz

ИШКИ ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДА ЯГОНА СПОРТЧИМИЗ, ПАНД БЕРГАН БОКСЧИЛАРИМИЗ, ФУТЗАЛДАГИ АНТИҚА ҲАНГОМАЛАР ВА БОШҚАЛАР...
VIII ҚИШКИ ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ
Кеча Япониянинг Саппоро шаҳрида VIII қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 19-26 февраль кунлари "кунчиқар юрт”нинг Саппоро ва Обихиро шаҳарларида бўлиб ўтиши белгиланган қишки ўйинларнинг тантанали очилиш маросими 2002 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати учрашувларига мезбонлик қилган Саппоро Доум стадионида ташкил этилди.
Жами 32та мамлакатдан ташриф буюрган 1200 нафар спортчилар спортнинг 11та тури - хоккей, биатлон, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек, конькида югуриш, тоғ чанғи спорти, чанғи пойгаси, фристайл, сноуборд ва трамплиндан сакраш бўйича ўзаро беллашадилар. Эътиборли жиҳати Осиёнинг 30та мамлакати қаторида бу сафар Океания минтақаси вакиллари – Австралия ва Янги Зеландия терма жамоалари ҳам мусобақада меҳмон сифатида қатнашишади. Фақат ушбу минтақа вакиллари медаллар учун кураш олиб боришмайди.
Қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ягона вакил - фигурали учиш бўйича терма жамоа аъзоси Миша Ге ҳимоя қилади. У ўз иштирокини 24 февралда бошлайди.
Мусобақаларнинг тантанали ёпилиш маросими 26 февраль куни Макоманай муз саройида ўтказилади.
ОЛИМПИЯЧИЛАРИМИЗДАН БИРГИНА БЕКТЕМИР ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси "Ўзбек йўлбарслари” ("Uzbek Tigers”) номи остида иккинчи бор Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг жангларида қатнашаётганлигидан хабарингиз бор. Афсуски, терма жамоамиз кетма-кет иккинчи маротаба мағлубият аламини тотиб кўришди.
"The World Series Boxing” (WSB) мусобақасининг ҳисоб бўйича еттинчи, ҳамюртларимиз иштирокининг иккинчи мавсуми дастлабки турида Хитойнинг Санья шаҳрида "Хитой аждарлари” ("China Dragons”) боксчиларига қарши рингга чиққан ҳамюртларимиз кутилмаганда мезбонларга 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Боксчиларимиз баҳсларни кўтаринки руҳда бошлашганди, аммо якунда режа бузилди. 49 кг вазн тоифасида Мироншоҳ Иброҳимов 56 кг вазндаги Абдулҳай Шораҳматов рақибларини таслим этиб, умумий ҳисобни 2:0га етказишди. Бироқ кейинги вакилларимиз - 64 кг вазндаги Элнур Абдураимов, 75 кг вазн тоифасидаги Улуғбек Ҳақбердиев ва 91 кгдаги Бобурбек Йўлдошевлар рингни мағлуб ҳолда тарк этишди.
Биринчи турдаги мағлубиятдан хулоса чиқарган мутасаддиларимиз Қозоғистоннинг Толдиқўрғон шаҳрида бўлиб ўтадиган иккинчи турга мутлақо бошқача таркиб билан ташриф буюрди. Таркибга асосан Рио-2016 Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган боксчиларни жалб этиш билан вазиятни яхшилашга уринган мураббийларимиз, ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, бунинг уддасидан чиқа олмадилар.
Олимпиадада кумуш медаллар совриндорлари Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев 69 ва 81 килограмм, бронза медали соҳиби Мурод Аҳмадалиев 60, Рио—2016 байроқдори Баҳодир Жалолов эса 91 килограмм вазнда жанг қилди. Термамизнинг энг енгил - 52 кг.лилар баҳсида эса Аброр Қодиров иштирок этди.
Аброржон Қодиров Олжас Саттибаевга, Муроджон Аҳмадалиев Закир Сафиуллинга, Шаҳрам Ғиёсов Асланбек Шимбергеновга, Баҳодир Жалолов эса Камшибек Кункабаевга ютқазиб қўйди. Терма жамоамизга ягона ғалабани Бектемир Мелиқўзиев тақдим этди. У Нурдаулет Жармановдан устун келди. Биринчи турда Россиянинг "Patriot Boxing Team”
жамоасини, иккинчи турда эса бизнинг боксчиларимизни мағлуб этган Қозоғистоннинг "Астана Арланс” жамоаси гуруҳда етакчилик қилишмоқда.
Гуруҳимиздан ўрин олган иккинчи учрашувда Хитойнинг "China Dragons” жамоаси ўз уйида Россиянинг "Patriot Boxing Team” боксчиларига 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
Энди гуруҳда навбатдаги жанглар 4 март куни бўлиб ўтади. Шу куни "Uzbek Tigers” жамоаси Тошкентда, "Ўзбекистон” спорт мажмуасида "Patriot Boxing Team” боксчиларини қабул қилади.
Қизиқ томони, "Ўзбек йўлбарслари” жамоаси ўтган йили ушбу мусобақада дебют қилишига қарамай ярим финалга қадар етиб борганди. Боксчиларимиз финал остонасида бўлажак чемпионлар - кубалик боксчиларга имкониятни бой беришган эди.
ФУТЗАЛ: "ОТАХОН” ЖАМОА МУСОБАҚАДАН ЧЕТЛАШТИРИЛДИ
Самарқандда футзал бўйича мамлакат чемпионатининг тўртинчи тур ўйинлари ўтказилди. Жамоаларнинг кучли саккизликка кириш тақдирини ҳал этувчи мазкур турда бир қатор воқеалар юз бердики, "айтсам тилим, айтмасам дилим”... дегандек таассурот қолдирди. Биринчи галда юртимизда мини-футбол, бугунги кунда футзал деб аталмиш жозибали спорт турининг асосчиларидан, шаклланиши ва ривожига салмоқли ҳиссасини қўшган, бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз футзал жамоаларининг "отахони”, Андижоннинг "Турон-С” жамоаси мусобақадан четлатилди. Бунга сабаб қилиб жамоанинг ўтган учинчи турда Тошкентга етиб кела олмаганлиги ва яна аъзолик бадаллардан қарзлиги кўрсатилди. Ҳақиқатдан ҳам жамоа ўтган турда сафар билан боғлиқ маблағни ўз вақтида топа олмагани учун тур ўйинларига кела олмади. Тур учрашувлари вақтида Ўзбекистон мини-футбол ассоциацияси раҳбарлари бошқа жамоалар мураббийлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, "Турон-С”ни мусобақадан четлатиш ҳақида қарор қабул қилишди. Тўғри, қонунга барча бирдек рио қилиши зарур. Аммо қонун ким учун, нима учун? Халқ, инсон манфаатлари учун эмасми? Авваллари бу каби воқеалар бошқа жамоалар томонидан бир неча бор юз берганлигига, мутасаддилар жамоалар аҳволидан келиб чиқиб, ижобий қарорлар қабул қилишганлигига, анча-мунча хато ва камчиликлар, айблар кечирилиб, вазиятга реал ҳолатдан келиб чиқиб баҳо берилган воқеаларга кўп бор гувоҳ бўлганмиз. "Турон-С” эса кечирилмади. Ваҳоланки, жамоа Ассоциациядан қарзининг маълум қисмини, бунинг устига учинчи турга кела олмагани учун белгиланган жарима суммасини Ассоциация ҳисобига ўтказганди. Қарзларининг қолган қисмини ҳам яқин кунлар ичида тўлаб бериш учун вилоят ҳокими кафолати билан не умидларда Самарқандга етиб келган жамоани Ассоциация вакиллари барибир мусобақага қўйишмади. Жамоа икки кун мусобақа ўтаётган спорт залдан нари кетмади, Ассоциация вакилларидан, нари борса Тошкентдаги футзал мутасаддиларидан нажот кутди. Барчаси бекор кетди, учинчи кун деганда жамоа аъзолари ҳам яна ортга – Андижонга қайтди. Ташкил топганининг 20 йиллиги кунлари жамоа жазоланди. Тўрт карра Республика чемпиони (1998, 1999, 2000 ва 2002 йиллар), бир мартадан кумуш (1997 йил) ва бронза медали соҳиби (2014 йил), икки карра Ўзбекистон Кубоги ғолиби (1997 ва 2004 йиллар), икки карра Марказий Осиё Клублари биринчилиги ғолиби ва бир қатор (Боку шаҳридаги "Наврўз” ва Киев шаҳридаги "Киев Руси”) турнирлари совриндори бўлишга эришган, шунингдек, 1996-2001 йиллар давомида мамлакат миллий терма жамоаси базасини ташкил этган ҳолда 2001 йил андижонлик Рустам Абдиев бош мураббийлигида Эрон давлати пойтахти Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган II Осиё чемпионатида кумуш медалини қўлга киритган, ушбу кўрсаткичларга эришиш жараёнида мини–футбол бўйича 30 нафардан зиёд Ўзбекистон спорт усталарини ва 10дан зиёд Халқаро тоифадаги спорт усталарини етиштириб берган жамоага бироз имкон берилганида эди... Мусобақани Самарқандга кўчириш, айниқса, совуқ кунларга тўғри келиб қолганлиги футболчи ва мураббийларга, ҳакам ва назоратчиларга, ҳаттоки мухлисларга ҳам ноқулайликлар келтириб чиқарди. Вилоят футзал ассоциациясига қарашли "Футзал спорт залида” иситиш ва совутиш мосламалари йўқлиги учун қиш ва ёз кунларида спорт тадбирлари ўтказишда қатор муаммолар келиб чиқиши ҳеч кимга сир бўлмаган эрсада, футзал мутасаддилари тур ўйинларини февраль ойи – қишнинг айни совуқ кунларига белгилашди. Махсус каркас ва "брезент” мисолидаги ёпитқич билан ўралган спорт залда, совуқ ҳавода тўп суриш ва ўйинларни кузатиш енгил бўлмаганлигини хулоса қилаверинг. Бу ҳам етмагандек, "Локомотив" ва "Металлург" жамоалари ўртасидаги куннинг сўнгги учрашуви биринчи бўлимдан сўнг кутилмаганда тўхтатилди. Бунга сабаб, аренада электр қуввати узилиб қолди. Дастлабки бўлимдан кейин бекободликлар 2:0 ҳисобида олдинда бораётган эди. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, ушбу учрашувнинг иккинчи бўлими бошқа кунга қолдирилди. Жамоалар ана шу баҳснинг иккинчи бўлимини кейинроқ Тошкентда ўтказишадиган бўлди.
Учрашувларга тўхталадиган бўлсак, тўртинчи тур ўйинлари ҳақиқатдан ҳам муросасиз, кескин курашларга бой ўтди. Бунга мисол сифатида Бухоронинг "Когон” жамоаси испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендез устозлик қилаётган "Ардус” жамоасини мағлубиятга учратгани, турнир пешқадами бўлиши кутилган "Дўстлик-AIN” жамоасининг эса айнан "Ардус”га мағлубияти туфайли иккинчи поғонага тушиб қолганлигини келтириш мумкин. 4-турдан кейин қуйидаги вазият юзага келди:
1."Олмалиқ” – 53 очко, 2."Дўстлик-AIN” – 53, 3."Ардус” – 44, 4."Когон” – 41, 5."Бунёдкор” – 31, 6."Металлург” – 25, 7."Максам-Чирчиқ” – 23, 8."Пахтакор” – 19, 9."Нафис” – 15, 10."Турон-С” – 9, 11."Локомотив” – 6.
Шундай қилиб, тўрт тур якунига кўра кучли саккизлик жамоалари номи маълум бўлди. Мусобақа қонун-қоидасига кўра, энди жамоалар плей-офф баҳсларида ўйинларини давом эттиришади. Бунда биринчи ўринни эгаллаган жамоа саккизинчи, иккинчидаги жамоа еттинчи ва хоказо тариқада мусобақани давом эттиради. Ўйинлар бир жамоанинг иккита ғалабасигача давом этади.
Демак, чорак финалда учрашади:
"Олмалиқ” – "Пахтакор”, "Дўстлик-AIN” – "Максам-Чирчиқ”, "Ардус” – "Металлург”, "Когон” – "Бунёдкор”. Плей-офф ўйинлари март ойига белгиланган.