СУРХОНДАРЁ ЯНА БИР ТАДБИРГА МЕЗБОНЛИК ҚИЛДИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 17 May 2017 Manba:mcs.uz

"2017 йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилаётган "Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” номли тарғибот тадбирлари Тошкент ва Навоий вилоятидан сўнг Сурхондарё вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Маданият вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази, "Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, "Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази билан ҳамкорликда алоҳида тасдиқланган режа асосида ўтказилаётган мазкур тадбир ташкилотчилари 10-13 май кунлари вилоятнинг битта шаҳар ва 13 та туманларига - Термиз шаҳри, Ангор, Бойсун, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Қумқўрғон, Музрабод, Олтинсой, Сариосиё, Термиз, Узун, Шерабод ҳамда Шўрчи туманларидаги 32 та умумтаълим мактабларига, 39 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларига, , 2 та мусиқа мактабларига, Термиз давлат университетига, Термиз шаҳридаги "Ёшлар маркази” биносига, Термиз ва Шеробод марказий маданият ва аҳоли дам олиш марказларига, Термиз шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйига, 8 та ҳарбий қисмларга, Денов туманидаги мурувват уйига, 3 та кам таъминланган оилалар фарзандларига ўтказилган суннат тўйларига, 5 нафар уруш қатнашчилари ҳамда Узун туманида яшовчи бокс бўйича Осиё чемпиони Баҳодир Жалоловнинг хонадонига ташриф буюришди.
Мазкур тадбирларда 70 нафардан зиёд таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, "Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этиб, жами 65 924 нафар ўқувчи ёшлар ҳамда аҳоли вакилларининг иштироки таъминланди.
Шунингдек, тарғиботчилар гуруҳи вилоятнинг Бойсун туманида 13 май куни ўтказилиши белгиланган "Бойсун баҳори” фестивалининг очилиш маросимида 20 000 нафарга яқин томошабинлар, жумладан, хориждан ташриф буюрган меҳмонлар, фестиваль иштирокчилари, нуроний отахон ва онахонлар, шунингдек, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ва аҳоли учун концерт томоша дастурларини намойиш этдилар.
Ушбу тадбирлар ўқувчи ва талаба-ёшларнинг ёши ва психофизиологик жиҳатларидан келиб чиқиб, олдиндан ишлаб чиқилган намунавий сценарий ва маъруза матнлари асосида ташкил қилинмоқда. Тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва маданият ходимлари, Ўзбекистон халқ шоир ва ёзувчилари ўқувчи ва талаба ёшларга ўтган қисқа давр мобайнида "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” Давлат дастурининг ижроси бўйича қатор ишлар амалга оширилганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга ошириш, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарини фаолият кўрсатиши "Инсон манфаати – ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғоянинг ҳаётга изчил ва самарали жорий этилиши ҳусусида сўзлаб бермоқдалар. Шунингдек, тарғиботчилар Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг яқинда нашрдан чиққан "Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобида илгари сурилган ғояларни ишонарли ҳаётий мисоллар асосида, содда ва самимий усулда кенгроқ етказиб, "жонли мисоллар” билан таъсирчан руҳда гапириб бермоқдалар. Ёшлар орасидан вакиллар ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда халқаро мусобақа ва танловларда эришган ютуқлари, яратилган имкониятлар тўғрисида сўзлаб, тенгдошларини яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга, Ватанга, жамиятга муносиб фарзанд бўлишга чақирмоқдалар.