УРГАНЧДА БАДМИНТОН ВА ТЕННИС МАРКАЗИ БАРПО ЭТИЛДИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 27 Dekabr 2016 Manba:mcs.uz

Урганч шаҳрида янги, 2017 йил арафасида янги спорт иншооти ишга туширилди. Бу Хоразм воҳаси, хусусан вилоят марказида яшовчи ёшларга ўзига хос байрам совғаси бўлди. Зеро, янги фойдаланишга топширилган "Хоразм вилоят бадминтон ва теннис маркази” келгусида ўғил-қизларимизнинг севимли масканларидан бирига айланади.
Таъбир жоизки, мазкур марказнинг очилиш маросими байрамона тус олди. Унда вилоят ва Урганч шаҳар ҳокимлиги, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат ва спорт фахрийлари, шунингдек, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ўз навбатида, тадбирда қатнашган Хоразм вилояти ҳокими П. Бобожонов юртимизда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида тўхталиб, ишга туширилаётган бадминтон ва теннис маркази ана шу ислоҳотлар самараси эканлигини айтиб, бундай спорт кошоналари ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук руҳда камол топишига хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, табрик учун сўзга чиққан меҳнат фахрийси Р. Султонов мустақил, жаннатмакон, инсонлар меҳнати қадрланадиган юртда яшаётганига шукроналар айтди. Ёш бадминтон устаси У. Ҳайитбоев эса ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун ҳукуматимизга чексиз миннатдорлигини билдирди. Ўз навбатида, мусобақаларда юқори натижаларга эришаётган ёш спортчилар совғалар билан тақдирланди.
Эндиликда, салкам 2 гектар майдонда барпо этилган вилоят бадминтон ва теннис марказидаги 2 та усти ёпиқ ва 4 та усти очиқ кортлар ҳамда машғулот зали теннис ихлосмандларига хизмат қилса, 6 та усти ёпиқ ва 4 та усти очиқ майдончаларда ёшларимиз бадминтон билан шуғулланиб, бўш вақтларини мароқли ўтказишади.
- Ҳукуматимиз томонидан ўғил-қизларимизнинг ўзлари севган спорт турлари билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароит яратиб берилаётгани ҳамюртларимизни жуда қувонтирмоқда, - дейди Хоразм вилояти ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Жамолиддин Абдуллаев. – Бугунги кунда ушбу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Муболаға эмас, бизнинг тарбияланувчиларимиз орасидан ҳам турли миқёсдаги ғолиб ва совриндорлар етишиб чиқяпти. Ишончим комилки, янги фойдаланишга топширилган вилоят бадминтон ва теннис маркази мазкур спорт турларини вилоятимизда янада ривожланишида омил вазифасини ўтайди.
Дарҳақиқат, айни дамда Хоразм вилояти ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 100 нафарга яқин ёш спортнинг бадминтон туридан сабоқ олади, шундан 35 нафарини қизлар ташкил этади. Уларга уч нафар тажрибали ва малакали мураббий устозлик қилмоқда. Жорий йилда БЎСМ тарбияланувчилари қувонарли натижаларни қўлга киритишди. Жумладан, 2016 йилнинг апрель ойида Омонулла Қосимов Ўзбекистон чемпионатида ҳамда 26-30 июнь кунлари 2002-2006 йилларда туғилган ёшлар ўртасида Тошкент шаҳрида уюштирилган "Умид кубоги”да кумуш медалга сазовор бўлди. Октябрь ойида 2002-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар орасидаги Ўзбекистон кубогида БЎСМ тарбияланувчилари умумжамоа ҳисобида учинчи ўринга кўтарилди. Мазкур мусобақанинг 2004-2006 йилларда туғилган ёшлар биринчилигида Анвар Сотимбоев биринчи ўринни банд этди. Қолаверса, Қозоғистон давлатининг Шимкент шаҳрида уюштирилган халқаро турнирнинг яккалик баҳсида Умиджон Ҳайитбоев 3-ўринни, жуфтлик беллашувида Умиджон Ҳайитбоев ва Алишер Раҳматуллаев 2-ўриндан жой олди.
Урганч шаҳрида иш бошлаган "Хоразм вилояти бадминтон ва теннис маркази” нафақат Хоразм вилояти, умуман, мамлакатимиз спорти нуфузини халқаро турнирлар, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ва Олимпиада ўйинларида кўкларга кўтарадиган спортчилар камол топишига хизмат қилиши табиий.