ФУТБОЛ: АРМАНИСТОН РАД ЭТИЛДИ, ГРУЗИЯ БИЛАН ЭСА ЎЙИН БОШЛАНДИ

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 23 Yanvar 2017 Manba:mcs.uz

Ўзбекистон миллий терма жамоаси келаси йили Россияда ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионатига янги йилдаги дастлабки тайёргарликни хорижда бошлади.
Айни пайтда БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинида асосан маҳаллий футболчилар иштирок этишмоқда. Термамизнинг хориж клубларида тўп сурувчи номзодлари эса ушбу саналар ФИФА тақвимида кўрсатилмаганлиги боис, таклиф этилмади. Бироқ маҳаллий футболчилардан ҳам анча-мунчаси йиғинда кўриниш беришмаяпти. Айтайлик, йиғинга таклиф қилинган Темурхўжа Абдуҳолиқов Қатарнинг "Ал-Сайлия” клуби билан, Сервер Жепаров эса Эроннинг "Истиқлол” жамоаси билан шартнома имзолаб, янги клубларида дастлабки машғулотларни ўтаётганликлари учун уларга имконият берилди. Терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян уларнинг ўрнига Достонбек Ҳамдамов ("Бунёдкор”) ва Владимир Козакни ("Пахтакор”) таклиф қилган. Қолаверса, "Локомотив” ҳимоячиси клуб йиғинида жароҳат олганлиги сабабли, унинг ўрнига "Пахтакор” аъзоси Акбар Исматуллаев таклиф этилди. "Насаф” жамоасининг шу ой охирида ОЧЛ–2017 ўтиш босқичида Баҳрайннинг "Ал-Ҳидд” клубига қарши баҳс олиб бориши ва унга тайёргарлик кўриши сабабли қаршиликлар таркибидан йиғинга футболчилар жалб этилмади.
Самвел Бабаян БААдаги йиғинга қуйидаги футболчиларни жалб қилди. Дарвозабонлар: Александр Лобанов ("Пахтакор”), Муроджон Зуҳуров ("Бунёдкор”), Игнатий Нестеров ("Локомотив”).
Ҳимоячилар: Станислав Андреев, Азим Аҳмедов, Даврон Ҳошимов ("Пахтакор”), Александр Мерзляков ("Бухоро”), Рустам Ашурматов ("Бунёдкор”), Бобур Йўлдошев, Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев ("Локомотив”).
Ярим ҳимоячилар: Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров ("Бунёдкор”), Жалолиддин Машарипов, Жавоҳир Соҳибов, Владимир Козакни ("Пахтакор”), Саламат Қутибоев ("Бухоро”), Сардор Мирзаев, Марат Бикмаев ("Локомотив”), Жамшид Искандаров ("Пахтакор”).
Ҳужумчилар: Шоҳруз Норхонов ("Обод”), Игорь Сергеев ("Пахтакор”), Достонбек Ҳамдамов ("Бунёдкор”).
Хабарингиз бор, миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралаш доирасидаги расмий ўйинлари олдидан тайёргарлик режаси ишлаб чиқилган ва унга кўра, 12 февраль куни Анталия шаҳрида Арманистон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши белгиланганди. Аммо учрашув Арманистон футбол федерацияси томонидан бекор қилинди. Сабаб қилиб эса, Арманистон термаси Туркиядаги сиёсий барқарорсизлик туфайли у ерда йиғин ўтказишдан бош тортди ва юзага келган ноқулайлик учун Ўзбекистон футбол федерациясидан узр сўради.
Миллий термамиз йиғин доирасидаги дастлабки ўртоқлик учрашувини кеча Дания ёшлар термасига қарши ўтказди ва битта тўп фарқи билан мағлубиятга учради – 1:2.
ДАНИЯ U-23 - ЎЗБЕКИСТОН - 2:1
Голлар: Миккел Дуеланд (2та) - Жамшид Искандаров.
Дания: Андреас Хансен, Андреас Махсо, Патрик Банггард, Маркус Ингвартсен, Роберт Сков, Фредрик Борстинг, Расмус Ниссен Кристенсен, Паскаль Грегор, Йенс Якоб Томасен, Каспер Юнкер, Миккел Деслер
Захирадан тушганлар: Йеппе Хойбернг, Фредерик Холст, Якоб Блабйерг, Эндрю Хулсагер, Каспер Ниелсен, Эмилиано Маркондес, Миккел Дуеланд.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Рустам Ашурматов, Саламат Қутибоев, Жалолиддин Машарипов, Александр Мерзляков, Владимир Козак, Сардор Мирзаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Шохруз Норхонов, Достонбек Ҳамдамов, Акбар Исматуллаев. Захирадан тушганлар: Муроджон Зуҳуров, Марат Бикмаев, Азимжон Аҳмедов, Жамшид Искандаров, Игорь Сергеев, Жавоҳир Соҳибов, Станислав Андреев, Отабек Шукуров, Ислом Тўхтахўжаев, Александр Лобанов, Даврон Ҳошимов, Элдор Шомуродов.
Саноқли дақиқалар олдин Самвел Бабаян шогирдлари БААда Грузия миллий термасига қарши майдонга тушишди. Эслатиб ўтамиз, миллий терма жамоамиз ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичини 23 март куни Сурияга қарши сафардаги ўйин билан давом эттиради. Айни пайтда термамиз жой олган "А” гуруҳида эронликлар 11 очко билан пешқадамлик қилишмоқда. Иккинчи ўринда бораётган Ж.Корея термасида 10 очко, ундан атиги бир очко ортда қолаётган футболчиларимиз эса учинчи ўриндан жой олишган. Ўзбекистонликларнинг навбатдаги рақиби Сурияда 5 очко мавжуд. Қатар ҳамда Хитой термалари эса тўрттадан очко билан бешинчи ва олтинчи ўринларда боришяпти. .