ФУТЗАЛ: ЁШЛАРИМИЗ БИРИНЧИ БОР ЎТКАЗИЛАДИГАН ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИГА ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 23 Yanvar 2017 Manba:mcs.uz

Испаниялик Хосе Мария Мендез мутахассис сифатида юртимиз футзалини ривожлантиришга, жаҳон саҳнасида ўз ўрнини топишга муносиб ҳисса қўшаётганлиги бор гап. Аслида Мендез тўрт-беш йил аввал ҳам мамлакат футзал терма жамоамизда иш олиб борган, Осиё чемпионатида ҳам муносиб қатнашган эди. Фақат у даврда қитъа чемпионати жаҳон чемпионатига чиқиш ҳуқуқини бермагани учун маълум вақт ўтиб ўз юртига қайтганди. 2015 йилда яна Ўзбекистонда иш бошлаган моҳир мутахассис шогирдлари билан Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида финалга қадар етиб бориб, илк бор терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатида иштирок этишини таъминлади. Колумбияда ўтган кичик "мундиал”да ҳам футзалчиларимиз ёмон таассурот қолдиришмади, аксинча, мазмунли ўйинлари билан жаҳон футзал оммаси эътиборини тортди.
Мендез ҳақида гап очишимизнинг сабаби, у Ўзбекистон терма жамоасида ишлаш билан бирга Тошкентнинг "Ардус” жамоасига ҳам устозлик қилади, энг муҳими, мамлакатимизда ёш футзалчиларни тарбиялаш, истеъдодлиларни излаб топиш ва тажрибасини орттиришда ҳам фаоллик кўрсатяпти. Унинг ташаббуси билан икки йилдан буён ёшлар ўртасида мамлакат биринчилиги мусобақаси ўтказиляпти, ёшлар термасини шакллантириш мақсадида клубларда тўп сураётган ёшларни йиғинларга жалб қилиб, уларнинг маҳоратларини ошириб боряпти. Охир-оқибат бу ҳаракатлар ёшларимизнинг илк бор ташкил этилаётган қитъа чемпионатига тайёргарлик кўришига замин сифатида хизмат қилмоқда.
Терма жамоамиз бугун, жорий йилнинг 9–21 май кунлари Таиландда, тарихда биринчи бор ташкил этилаётган 20 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарликнинг иккинчи босқичини бошлади. Бош мураббий Мария Мендез йиғинга 20 нафар футзалчини жалб этди. Машғулотларда Мендезга жаҳон чемпионатидаги иштирокидан сўнг футзалчилик фаолиятини якунлаган Нодир Элибоев ёрдам бермоқда. Дарвозабонлар билан эса Осиё чемпионатларида қатнашиш бўйича қитъа рекордчиси (12та), қирғизистонлик Нуржан Жетибаевдан кейинги ўринда бораётган Рустам Умаров (11та) шуғулланяпти. Терма жамоага таклиф этилганлар:
Дарвозабонлар: Рамил Алмамедов, Дониёр Маҳмудов (иккаласи ҳам "Нафис"дан), Мирислом Миралиев ("Пахтакор"), Суннат Анваров ("Олмалиқ"), Азиз Хушбоқов("Локомотив"). Ўйинчилар:
Хушнур Эркинов, Илҳом Ҳамроев, Алиакбар Байбурин, Шохжаҳон Шоназаров, Саидризо Миршаропов, Асли Муҳаммадиев, Акбар Усмонов (барчаси "Ардус”дан), Одил Ходиев ("Когон"), Артур Аминов ("Пахтакор"), Хусниддин Нишонов, Меҳрож Худойбердиев,
Равшан Исматуллаев, Лазиз Убайдуллаев, Дилшод Норматов (барчаси "Нафис"дан), Тимур Сайдуллаев ("Металлург"), Олим Воҳидов ("Бунёдкор").
Ёшлар терма жамоамиз мазкур йиғиннинг сўнггида, аниқроғи, 27 ва 28 январь кунлари Тожикистон ёшлар термаси билан Тошкентда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиши режалаштирилган.
"ОЛМАЛИҚ” ПЕШҚАДАМ, "ТУРОН-С”НИНГ ЭСА ЯНА "КАСАЛИ ҚЎЗҒАДИ”
21-маротаба ўтказилаётган мамлакат чемпионатининг учинчи тур ўйинлари ҳам ниҳоясига етди. Эътиборли жиҳати, дастлабки икки турда чемпионат жадвалида пешқадамлик қилган Қаршининг "Дўстлик-AIN” жамоаси бу гал ўз ўрнини амалдаги чемпион "Олмалиқ” клубига бўшатиб берди. Бунинг ҳам ўзига ҳос сабаби бор. Биринчидан, қаршиликлар бу турда бир ўйинда майдонга тушишмади, "Олмалиқ” эса барча олтита ўйинда иштирок этиб, бештасида ғалаба қозонди. Иккинчидан эса, бу жамоаларнинг ўзаро тўқнашувида дуранг натижа қайд этилди – 2:2. Айни пайтда иккала жамоанинг тўплаган очколар тенг, фақат олмалиқликлар тўплар нисбатига кўра биринчи ўринга кўтарилиб олишди.
Андижоннинг "Турон-С” жамоасининг яна "касали қўзғади”. Ўтган йили ҳам иқтисодий муаммолар туфайли тур ўйинларига кела олмай, имкониятларини пасайтириб юборганди. Бу гал ҳам шундай аҳвол яна такрорланди. Мусобақа ташкилотчилари жамоани учинчи кунга қадар кутишди, ижобий жавоб бўлавермагач жамоани ўйинлардан четлаштиришди – тақвимдаги белгиланган ўйинлар учун "Турон-С”га мағлубият, унинг рақибларига эса ғалаба ёзилди. Бу пайтда "Турон-С” жамоасининг бошлиғи Абдумалик Қодиров вилоят ҳокимияти ва жамоага бириктирилган ҳомийлар ўртасида "югур-югур” билан банд эди. Мамлакатимизда мини-футбол асосчиларидан бири, шу соҳанинг оёққа туриши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган, мамлакатнинг беш карра чемпиони, Марказий Осиё клублар чемпионати ва кубогининг бир неча бор ғолиби, Осиё ва Европада ўтган кўплаб турнирларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ушбу жамоанингсўнгги йилларда инқирозга юз тутаётганлиги наҳотки маҳаллий мутасаддиларни ташвишга солмаса?!...
Ушбу турда бир неча қизиқарли, кутилмаган натижалар қайд этилди. Янги тузилган бўлишига қарамай, таркибини Николай Кравченко, Суннат Қуролов, Илҳом Юсуфжонов, Ғулом Мамажонов, Мақсуд Файзуллаев, Шавкат Деҳқонов каби тажрибали, терма жамоанинг амалдаги ва собиқ аъзолари эвазига шакллантириб, совринли ўринлар учун курашга киришган Бекободнинг "Металлург” жамоаси кутилмаганда таркиб жиҳатдан ёш, иқтисодий томондан ҳам зўр бўлмаган "Пахтакор” жамоасига икмониятни бой бериб қўйди (5:6). Кўпкарра Ўзбекистон чемпиони, пойтахтнинг "Ардус” жамоаси эса маҳаллий ёшлари эвазигша майдонга тушаётган Самарқанднинг "Нафис” жамосига очколар улашди. Таркиб бўйича деярли катта тафовути бўлмаган "Олмалиқ” ва "Металлург” жамоалари ўртасидаги натижа эса олмалиқликлар фойдасига йириклашиб кетиши ҳам мухлис ва мутахассисларни ажаблантирди (10:2). Айни пайтда "Олмалиқ” жамоаси 16 ўйиндан 41 очко тўплаган ҳолда карвонбошилик қиляпти.
Иккинчи ўринда бораётган "Дўстлик-AIN” жамоасида ҳам шунча очко, фақат қаршиликлар олмалиқликлардан битта ўйин кам ўйнаган. Учинчи ўринни 35 очко билан "Ардус” жамоакси банд этиб турибди. 4-ўринда "Когон” (34 очко), 5-ўринда "Бунёдкор” (22 очко), 6-ўринда "Металлург” (18 очко), 7-ўринда "Максам-Чирчиқ” (17 очко), 8-ўринда "Нафис” (14 очко), 9-ўринда эса "Пахтакор” жамоаси бормоқда (12 очко). Гарчи бу турда "Турон-С” жамоасига техник мағлубиятлар ёзилган бўлса-да, 9 очко билан қуйидан битта юқори ўринни сақлаб қолди. Энг пастдаги ўрин "Локомотив” жамоасига тегишли бўлиб турибди – 6 очко.
Учинчи тур якунига кўра, тўпурарлар баҳсининг биринчи ва иккинчи поғоналарини ҳам "Когон” жамоаси аъзолари банд этишган. Улуғбек Рамазоновда ҳам, Соҳиб Нарзуллаевда ҳам 19тадан гол бор. Учинчи ўриндан 17та тўпи билан "Олмалиқ” жамоаси вакили Фарҳод Абдумавлонов жой олган. Чемпионатнинг келаси ойда ўтадиган навбатдаги тўртинчи турига Самарқанд шаҳри мезбонлик қилиши режалаштирилмоқда. ЧемпионатАзии. интернет сайти суратларидан фойдаланилди.