ХОРАЗМ: МАДАНИЯТ ВА АҲОЛИ ДАМ ОЛИШ МАРКАЗЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ ЙЎЛИДА

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 17 Noyabr 2016 Manba:mcs.uz

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 178-сонли қарорини амалда бажариш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ҳукуматимизнинг ана шу қарори асосида Хоразм вилоятида 2018 йилгача жами 65 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази манзилли дастур бўйича навбатма-навбат мукаммал таъмирланиб, реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Таъбир жоизки, шу кунгача вилоятнинг шаҳар ва туманларида 18 та марказ мукаммал таъмирланди ва замонавий андозалар асосида жиҳозланиб фойдаланишга топширилди.
Ҳозирда вилоятда маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ишини янада фаоллаштириш ва ривожлантириш, тўгаракларга аҳоли, хусусан, ёшларни кўпроқ жалб этиш, бунинг баробарида ватанимиз келажаги бўлган ўғил-қизларга касб-кор ўрганишларида, спорт билан шуғулланишлари учун тўлақонли имконият ва шарт-шароит яратиб бериш мақсадида тегишли ишлар бажариляпти. Шунга эътибор қаратган ҳолда, Хоразм вилояти ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармасида маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолиятини янада яхшилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ўз навбатида бошқарма бошлиғи Ш.Мадаминов, вилоят Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлари илмий-методик маркази директори Б.Бекметовлар марказларнинг ишини мувофиқлаштириш ва янада ривожлантириш борасида мулоҳазаларини билдириб, тегишли маслаҳатлар беришди.
Шунингдек, мажлисда қатнашган шаҳар ва туманлар маданият ва спорт ишлари бўлимлари бошлиқлари ҳудудларидаги ҳар бир марказ ҳақида слайдлар орқали маълумотларни тақдим этишди.