Халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг амалий ифодаси

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 27 Март 2017 Manba:uza.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 март куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Истиқлолнинг ҳар бир йили улуғ бунёдкорлик ишлари, мамлакатимизнинг ҳар томонлама юксалиш довонлари билан мустақил Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда. Гўзал пойтахтимиз Тошкент ҳам тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, узоқни ўйлаб тузилган режа асосида изчил ривожланиб, замонавий мегаполисга айланмоқда. Муҳташам иншоотлар, турар жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар, сўлим боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида пойтахтимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Замонавий шаҳарсозлик намуналари асосида барпо этилган кўплаб иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Янги турар жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар шаҳар аҳли ва меҳмонларига кенг қулайлик яратаётир.
Бундай эзгу ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан замон талабига риоя қилган ҳолда изчиллик билан, тизимли равишда давом эттирилмоқда. Пойтахтимизда аҳоли учун янада кенг қулайликлар яратиш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда, айниқса, пойтахтимизда транспорт воситалари кўпайиб бормоқда. Бу одамларимизнинг турмуш даражаси юксалаётгани, юртимиз йилдан-йилга фаровонлашаётганининг исботидир. Зеро, кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аҳоли турмуш даражасини ошириш, инсон манфаатларини тўла таъминлашдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 февраль куни Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳадаги кўприк қурилиши билан танишиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди.
Давлатимиз раҳбари 25 март куни қуриб битказилган мазкур кўприкни бориб кўрди.
Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур кўприк ҳайдовчилар ва пиёдаларга бир қанча қулайликлар яратади.
Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирарди. Янги бунёд этилган кўприк бу муаммоларга барҳам бериш билан бирга, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлигини ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси қурувчилари томонидан қуриб битказилган кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатилган.
Шаҳар қиёфасининг ўзгаришида кўприкларнинг ўрни катта. Экология нуқтаи назаридан ҳам бу муҳим аҳамиятга эга. Автомобиль ёнилғисининг кўп ишлатилиши атроф-муҳит мусаффолигига салбий таъсир қилади. Бир жойда транспорт тиғизлиги юз берса, бошқа жойга ҳам таъсир кўрсатади. Кўприклар ана шу муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.
Президентимиз янги кўприкнинг моҳиятига алоҳида тўхталди. Бу каби бунёдкорлик ишлари аҳолига янада қулайлик яратиш, турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эгалигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишган чорраҳада қурилиши режалаштирилган кўприк лойиҳаси билан ҳам танишиб, ўз тавсияларини берди.
Давлатимиз раҳбари Кичик халқа йўли ва Фарғона йўли кўчаси кесишган жойдаги йўл ўтказгични қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳасини кўздан кечирди.
Кўприкнинг эни 30, узунлиги 346 метр бўлган қисми реконструкция қилинади. Эни 22, узунлиги 281 метр бўлган қисми янгидан қурилади. Икки томонида пиёдалар йўлакчалари қурилади. Бу ҳайдовчи ва йўловчиларга қулайлик яратиш баробарида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш даражасини ҳам оширади.