Bitiruvchilar klubi

science

       Davlat ramzlari Davlat ramzlari

olimp

ЯНГИ ЙИЛ ШУКУҲИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Kiritdi: Admin | O'zgartirigan sana : 4 Yanvar 2017 Manba:mcs.uz

Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида Янги йил байрами тадбирлари тинч-осойишта, кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Вилоят ва туман марказларидаги спорт ва маданият масканлари, "Баркамол авлод” марказлари бугун ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Жойларда болажонлар учун театрлаштирилган томошалар, цирк, ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилмоқда.
Байрамона ўйинчоқ ва чироқлар билан безатилган арча атрофида Қорбобою Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари, таниқли санъаткорлар бир-биридан бежирим либослар кийиб, байрамга ошиққан болажонлар ва меҳмонларни хушнуд қилаётганлиги бор гап. Айниқса, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун кириб келган Янги йил байрамини юқори савияда ташкил этиш, ёшларнинг қишки таътил кунларини мазмунли ўтказиш учун талай ишлар қилинди.
Шайхонтоҳур тумани Хадра майдони ва "Локомотив-Анхор” боғи ёнидаги майдонлари, Юнусобод тумани Сайилгоҳ майдони, Чилонзор тумани Алгоритм даҳасидаги "Roison Electronics” корхонаси олди майдони, Яшнобод тумани "Авиасозлар” шаҳарчаси майдони, Мирзо Улуғбек тумани "Локомотив” маданият ва истироҳат боғи, Сирғали тумани "SUNDAY” супермаркети олди майдони ҳамда Бектемир тумани "Қуёшча нури” маданият ва истироҳат боғларида Янги йил байрами - маданий тадбирлар юқори савияда ташкил этилмоқда. Мазкур майдонларда улкан арчалар, аттракционлар ва ўйин қурилмалари, савдо расталари, экран ҳамда турли ўлчамдаги саҳналар ўрнатилган. Тадбирларда Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси санъаткорлари ҳамда пойтахтдаги театр ва цирк жамоалари, туманларда фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари ва хонандалар фаол қатнашишмоқда.
Бу йил пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун Янги йил байрамини оммавий нишонлаш учун "ЛОКОМОТИВ-АНҲОР” боғи ёнидаги майдон танлангани ва бу ҳудудда улкан ободонлаштириш ишлари олиб борилганлигидан хабарингиз бор.
Мазкур боғ ва яна еттита ҳудуддаги байрам тадбирларида Ўзбек давлат драма театрининг "Сохта қор қиз”, ажойиб мўъжизалар театр студиясининг "Итоатсиз шумбола”, Ўзбекистон давлат ёшлар театрининг "Волшебник Изумрудного города”, Тошкент давлат мусиқали комедия (оперетта) театрининг "Куда сбежала ёлка”, Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрининг "Соҳибжамол ва махлуқ”, Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрининг "Қор маликаси” , Ўзбекистон давлат сатира театрининг "Бахт калити” ҳамда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг "Ғаройиб қуш” театрлаштирилган томошалари болажонларга чинакам завқ-шавқ улашмоқда.
Ўзбекистон халқ артистлари Сойиб Ниёзов, Зариф Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ғиёс Бойтаев, Севара Назархон, Илҳом Фармонов, Дилфуза Раҳимова, Гулбаҳор Эрқулова, Собиржон Мўминов, Роҳила Рўзимова, Хосила Раҳимова, Алишер Турдиев, "Ниҳол” мукофоти совриндорлари Фирдавс Фазлиддинов, Шароф Муқимов, Ойбек ва Нигора, Гуласал Абдуллаева, Умида Хўжаева каби эл суйган хонандаларнинг чиқишларидан эса барча бирдек мамнун бўлмоқда. Навбат-навбати билан чиқиш қилиб, томошабинларнинг маданий дам олишини таъминлаётган эстрада хонандаларининг ҳам хизматлари катта бўлаётир. Илҳом Иброҳимов, Азиз Ражабий, Жаҳонгир Позилжонов, Зилола Мусаева (Шаҳзода), Ғайрат Усмонов, Манзура, Шароф Муқимов, Рухшона, Эркин Худойқулов, Ўлмас Оллоберганов, Шохрух реппер, Бахтиёр Султонов, Абдулла Қурбонов, Шоира Отабекова, Қутлуғ Нигорхон, Миржон Ашрапов, Холмурод Саидов, Баҳром Каримов, Жасурбек Раҳимов, Элбек Эрбоев, Мурод Йўлдошев, Фарруҳ Ҳамроев, Шохруҳ Умаров, Лайло Алимова, Ҳасан ва Ҳусан Жўраевлар, Масрур Усмонов, Умар Шамсиев каби Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмасининг элликдан зиёд хонандалари, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари бугун болажонлар учун хизматда.
"Дилрабо” ашула ва рақс дастаси, "Виа Мароканд”, "Само”, "Завқ”, "Шодлик”, "Шодиёна”, "Манзур”, "Афросиёб”, "Алмаз”, "Файз, "Настарин”, "Юлдуз”, "Сайёра”, "Афсун”, "Фарангиз”, "Заминим”, "Евро азиа”, "Субхан медиа”, "Коинот”, "Маром”, "Настарин”, "Нола” эстрада гуруҳлари, "Логос” халқ ҳаваскорлик рус театри, "Иқтидорли ёшлар” театри, "Гулшан” ашула ва рақс, "Мумтоз” ва "Замонавий рақс” ансамбллари, "Жасорат” халқ дастаси ва гуруҳларининг чиқишларини эса барча бирдек қарши олмоқда.
Хуллас, Янги йил байрами барча жойда бирдек завқли, шавқли ўтмоқда. Ва ҳали яна давом этади.