Close
  • Ishonch
    telefon raqami

  • Dars
    jadvali

  • Imtihon video
    kuzatuvi

  • Rektor virtual
    qabulxonasi

  • Zaxira
    nomzod

  • Yashil
    Universitet



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРИНИНГ ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ


Муҳтарам устоз ва мураббийлар!

Бу оламда касблар кўп. Лекин инсоният улар ичида энг шарафлисини Ўқитувчилик, устоз ва мураббийлик деб атайди. Чунки Устоз, деганда ҳар биримизнинг кўз олдимизга албатта софдил, маънавий бой, ахлоқан пок, камтарин зот – Ўқитувчи келади.

Барчамизнинг ҳаётда соғлом ва комил инсон бўлиб вояга етишимизда ота-онамиз билан бирга муаллим ва ўқитувчиларимизнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун  Сизларга ҳар қанча таъзим қилсак, шунча кам!

Донишмандлар: “Элни маърифат асрайди”, дейдилар. Сизлар ёш авлодга оқ-қорани, яхши-ёмонни танитиб, қўлларига қалам тутқазиб, “Она”, “Ватан”, “эзгулик”, “иймон”, “фазилат”, “билим” деган сўзларни тушунтирган, ёзишга ўргатган азиз, меҳри дарё устозларсиз.

Миллий педагогикамиз асосчиларидан бири Абдулла Авлоний айтгани каби: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг қандай тарбия олишига боғлиқдир”.  Бугун ана шу ҳаёт-мамот масаласини ҳал қилиш Сизларнинг қўлингизда.

Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, кўзлари ёниб турган, иқтидорли ва юксак истеъдодли ёшларимиздек авлод дунёнинг жуда камдан-кам мамлакатларида топилади. Бу бежиз эмас. Чунки Янги Ўзбекистоннинг янгича фикрлаётган, гўзал фазилатлар соҳиблари бўлган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаётган олов қалб ёшлари бугун сиздан зиёланмоқдалар.

Буларнинг барчаси Сиз ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳар кунлик  машаққатли меҳнатингиз самараси, мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

 

Азиз ҳамкасблар!

Биз бугунги шиддатли ва мураккаб замонда, пандемиянинг оғир синовларини енгиб ўтиб, қандай оғир бўлмасин, ёш авлодга билим ва фазилат ўргатишда шахдам қадамлар ташлаяпмиз. Бундай инқилобий ислоҳотлар, айниқса, илм-фан, таълим-тарбия, илмий-техник тараққиёт соҳасида яққол намоён бўлаётганини нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам алоҳида эътироф этмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Қонунда “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” шиори остида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ўқитувчининг тутган ўрни, юксак мақоми қонун йўли билан мустаҳкамлаб берилди.

Ҳурматли профессор-ўқитувчилар!

Бугунга қадар амалга оширган ишларимизни холисона баҳолаганда, таълим-тарбияни модернизациялаш соҳасида ҳали яна кўплаб вазифалар олдимизда турибди. Ана шундай вазиятда бу борада бошлаган ислоҳотларни қатъият билан давом эттириш ҳар биримизнинг Ватан олдидаги педагогик бурчимиздир. 

Бугунги рақобат замонида ёш авлодга юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар  ҳамда мукаммал компетенцияларни ўргатишнинг энг самарали, натижали технологияларини излаб топиш, масофавий таълимни пухта ўзлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу йўлда заррача хато қилишга, бўшашишга асло ҳаққимиз йўқ.   

Шундай экан, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ёшларни миллий юксалиш талабларига мосянги билим ва кўникмалар билан тарбиялаш, таълим сифати ва мазмунини янада такомиллаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, янги таълим стандартлари, дастур ва қўлланмаларни яратиш, жорий этиш масаласини энг муҳим вазифамиз сифатида кўришимиз даркор.

Шу билан бирга, олий таълим муассасаларида юксак малакали мутахассис ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, талабаларга замонавий билимлар бериш ва мамлакатимиз ишлаб чиқариш тармоғига кенг татбиқ этишга қаратилганилм-фан технологияларини тараққий эттиришга доиришларимизни изчиллик билан давом эттирамиз.

 

Муҳтарам устоз ва мураббийлар!

 

Бугун инсониятни синовдан ўтказаётган коронавирус аталмиш балодан ўзингизни, оилангизни асрашингизни сўраймиз. Чунки сизнинг саломатлигингиз Ватанимиз, халқимиз учун, сизларни ҳар куни Устоз, деб интизор кутаётган фарзандларимиз учун бебаҳо бойликдир.

Сизларнинг Ватанимиз равнақи ва тараққиёти йўлида виждонан қилаётган меҳнатингиз учун, баркамол авлодни вояга етказиш, ҳаётга йўлланма бериш йўлидаги беқиёс хизматингиз, беғараз меҳнатингиз учун яна бир бор раҳмат айтамиз!

Ҳар бирингизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат ва файзу барака, ишларингизга янгидан янги омадлар тилаймиз.

Доимо соғ ва омон бўлинг!

Иномжон МАЖИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий ва ўрта махсус таълим вазири

Ulashish